O'zbekiston va Belarus: tovarlar savdosidan xizmat ko'rsatish va investisiyalar sohasidagi hamkorlik sari

Ўзбекистон ва Беларусь савдо-иқтисодий ҳамкорликни изчил кенгайтириб бормоқда. 2016-2025 йиллар оралиғида ўзаро савдо-сотиқ ҳажми 112,6 миллион АҚШ долларидан 965,0 миллион АҚШ долларигача ёки 8,6 маротаба ошди. Бунда Беларуснинг Ўзбекистон ташқи савдосидаги улуши 0,5 фоиздан 1,2 фоизгача ошди. Бундай кўрсаткичлар икки мамлакат ўртасидаги иқтисодий алоқаларнинг мустаҳкамланиб бораётгани ва Ўзбекистоннинг савдо шериклари орасида Беларуснинг аҳамияти ортаётганидан далолат.
Товар айирбошлашнинг юқори суръатларда ўсиб бораётгани икки томонлама ҳамкорликни янада диверсификация қилиш учун қулай шарт-шароит яратмоқда. Товарлар савдоси билан бир қаторда хизматлар, инвестициялар ва саноат кооперацияси каби соҳаларда ҳам қўшимча имкониятлар мавжуд. Бундан самарали фойдаланиш иқтисодий алоқаларга комплекс характер бера олади.
Сўнгги йилларда Ўзбекистон ва Беларусь ўртасидаги савдо алоқалари сезиларли даражада фаоллашди. Экспорт ва импорт йўналишларида кузатилган ўсиш икки мамлакат ўртасидаги иқтисодий ҳамкорлик изчил кенгайиб бораётганини кўрсатмоқда.
2016–2025 йилларда Ўзбекистоннинг Беларусга экспорти 10 баравардан зиёд ошди ва 186,5 млн долларга етди. Шу билан бирга, экспорт динамикаси бир маромда кечмади: энг юқори ўсиш 2022 йилда кузатилди, кейинги йилларда эса суръатлар нисбатан мўътадиллашди. Бу Беларусь бозорининг ўзбекистонлик экспортчилар учун аҳамияти ошиб бораётганини, бироқ ушбу йўналишда эришилган натижаларни мустаҳкамлаш ва янги имкониятлардан фойдаланиш зарурлигини англатади.
Беларусдан импорт ҳам юқори суръатларда ўсиб, 2025 йилга келиб 778,5 млн долларга етди. Айниқса 2025 йилда белорус маҳсулотлари етказиб берилишининг фаол кенгайиши икки томонлама товар айирбошлаш ҳажми ошишига муҳим ҳисса қўшди.
Умуман олганда, шаклланган динамика Беларусь Ўзбекистон учун муҳим савдо ҳамкорларидан бири бўлиб қолаётганини кўрсатади. Шу билан бирга, келгусида ҳамкорликни янада ривожлантириш Ўзбекистон экспортини фаол илгари суриш, етказиб берилаётган маҳсулотлар таркибини диверсификация қилиш ҳамда Беларусь бозоридаги мавжуд салоҳиятдан самарали фойдаланиш билан боғлиқ бўлади.
Икки томонлама савдо-сотиқ таркиби икки мамлакат иқтисодиётидаги ўзига хос ихтисослашувни акс эттиради. Ўзбекистоннинг Беларусга экспортида етакчи ўринларни трикотаж кийим-кечак ва аксессуарлар, қора металлар, пахта, трикотаж матолар ва мевалар ва ёнғоқлар эгаллайди. Ушбу маҳсулот гуруҳлари биргаликда Беларусь бозорига Ўзбекистон экспортининг тахминан учдан икки қисмини ташкил қилади. Бу эса товарларнинг асосий қисми тўқимачилик, металлургия ва агро-озиқ-овқат соҳалари маҳсулотларидан иборат эканлигини кўрсатади.
Беларусдан импорт ҳам юқори даражадаги концентрация билан тавсифланади. Асосий товарлар булар - гўшт ва гўшт маҳсулотлари, ёғоч ва ёғоч маҳсулотлари, транспорт воситалари ва уларнинг қисмлари. Ушбу гуруҳлар Беларуснинг Ўзбекистонга етказиб берадиган маҳсулотлар умумий ҳажмининг қарийб учдан икки қисмини ташкил қилади. Фармацевтика маҳсулотлари, сут маҳсулотлари, нефть маҳсулотлари, машина ва ускуналар ҳам муҳим рол ўйнайди.
Шундай қилиб, мавжуд савдо таркиби икки мамлакат иқтисодиётлари ўртасидаги ўзаро манфаатли ва тўлдирувчи алоқалар шаклланаётганидан далолат беради. Ўзбекистон Беларусь бозорини асосан тўқимачилик, металлургия ва қишлоқ хўжалиги агро-озиқ-овқат маҳсулотлари билан таъминлайди, Беларус эса озиқ-овқат маҳсулотлари, машиналар, ускуналар ва саноат товарларини экспорт қилади. Бу саноат ҳамкорлигини янада чуқурлаштириш ва қўшилган қиймат занжирини яратиш учун замин яратади.
Келажакдаги ҳамкорликнинг истиқболли йўналишларидан бири хизматлар соҳасида ва инвестициявий ҳамкорликни ривожлантириш бўлиши мумкин. Ҳозирги вақтда икки томонлама ҳуқуқий ва меъёрий база асосан товарлар савдосига қаратилган. Бироқ, халқаро амалиёт шуни кўрсатадики, айнан хизматлар ва инвестициялар иқтисодий интеграцияни чуқурлаштиришдаги муҳим омиллардир.
Беларуснинг ўз тажрибаси бунга мисол бўла олади. 2024 йилда мамлакат Хитой Халқ Республикаси билан хизматлар ва инвестициялар соҳасидаги ҳамкорликни ривожлантиришга қаратилган шартнома имзолади, 2025 йилда эса Бирлашган Араб Амирликлари билан ҳам шунга ўхшаш шартнома тузилди. Ушбу ҳужжатлар хизмат кўрсатувчи провайдерлар ва инвесторлар учун қулай шароитлар яратиш, электрон тижоратни ривожлантириш, кичик ва ўрта бизнесни қўллаб-қувватлаш ва инновацион иқтисодий соҳаларда ҳамкорликни кенгайтиришни назарда тутади. Беларусь ҳисоб-китобларига кўра, БАА билан шартномани амалга ошириш хизматлар экспортини 65 фоизга ошириш имконини беради.
Шу нуқтайи назардан, Ўзбекистон ва Беларусь ўртасида хизматлар соҳасида ва инвестициялар бўйича икки томонлама битимни тайёрлаш муҳим аҳамиятга эга. Бундай битим ахборот технологиялари, транспорт ва логистика хизматлари, таълим, молия сектори ва электрон тижоратни қамраб олиши мумкин. Уни амалга ошириш ўзаро инвестицияларни кенгайтиришда ёрдам беради, бизнес учун қўшимча ҳимоя воситаларини яратади ва икки мамлакат ўртасидаги иқтисодий алоқаларнинг барқарорлигини оширади.
Ҳамкорликнинг яна бир йўналиши қўшма саноат инфратузилмасини ривожлантириш бўлиши мумкин. Беларусь машинасозлик, шунингдек, қишлоқ хўжалиги техникаси, кончилик ускуналари, фармацевтика ва қайта ишланган озиқ-овқат маҳсулотларини ишлаб чиқариш соҳасида катта тажрибага эга. Ўз навбатида, Ўзбекистон катта ички бозорга, стратегик географик жойлашувга ва ўсиб бораётган саноат салоҳиятига эга.
Шу нуқтайи назардан, махсус ҳуқуқий моқомга эга Ўзбекистон-Беларусь саноат паркини ташкил этиш имконияти эътиборга лойиқ. Минтақада саноат ҳамкорлиги ва инвестицияларни жалб қилишнинг йирик марказига айланган "Буюк тош" Хитой-Беларусь саноат парки бунга муваффақиятли мисол бўла олади. Шунга ўхшаш платформани яратиш ишлаб чиқаришни маҳаллийлаштиришда ёрдам беради, технологиялар трансферини тезлаштиради ва қўшма лойиҳаларнинг экспорт салоҳиятини оширади.
Бизнес ҳамкорлиги учун институционал инфратузилмани ривожлантириш ҳам катта аҳамиятга эга. Компаниялар, инвестиция лойиҳалари, қўллаб-қувватлаш чоралари ва ҳамкорлик имкониятлари ҳақидаги маълумотларни бирлаштирувчи ихтисослаштирилган рақамли бизнес порталини яратиш, шунингдек, мунтазам равишда Ўзбекистон-Беларусь бизнес форумини ўтказиш икки мамлакат тадбиркорлари ўртасидаги ўзаро алоқалар самарадорлигини оширади.
Шундай қилиб, ўзаро савдода эришилган натижалар Ўзбекистон-Беларусь ҳамкорлигини янада чуқурлаштириш учун мустаҳкам пойдевор яратади. Унинг кейинги ривожланиш босқичи хизматлар, инвестициялар ва саноат кооперацияси соҳаларидаги ҳамкорликни кенгайтиришни ўз ичига олиши мумкин. Ушбу йўналишда ҳамкорликнинг ривожланиши икки томонлама муносабатларни янада барқарор ва узоқ муддатли қилиш, шу билан бирга, иқтисодий ўсишнинг янги нуқталарини шакллантириш имконини беради.
Нодира Жабборова,
Макроиқтисодий ва ҳудудий тадқиқотлар
институти (МҲТИ) етакчи мутахассиси