65-Халқаро гуллар фестивалига 50 дан ортиқ давлатдан қарийб 1 миллион нафар хорижий сайёҳ ташриф буюриши кутилмоқда

Наманган – узоқ йиллик бой тарихга эга Ўзбекистон ҳудуди. Бу ерда икки минг йилдан ортиқ вақт давомида узлуксиз аҳоли яшаб келмоқда. Наманган вилояти 1941 йилда маъмурий бирлик сифатида ташкил этилган. Ҳозирги кунда унинг аҳолиси тахминан уч миллион нафардан ортиқ. Вилоят майдони 7 минг 900 км² бўлиб, маъмурий маркази Наманган шаҳри. Шаҳар денгиз сатҳидан тахминан 450 метр баландликда жойлашган.
Наманган Ўзбекистонда аҳоли энг зич жойлашган ҳудудлардан бири ҳисобланади. Шу боис, бу ерда ижтимоий ҳаёт жуда фаол, иқтисодий ва маданий-маърифий жараёнлар жадал кечади. Айниқса, ҳар йили анъанавий равишда ўтказиладиган Халқаро гуллар фестивали жуда машҳур.
Халқаро гуллар фестивали илк бор 1961 йил август ойида Наманган шаҳрида ўтказилган. У пайтда бу оддий гул кўргазмаси бўлиб, маҳаллий боғбонлар ва гул етиштирувчилар ўз маҳсулотларини намойиш этган. Фестиваль 2018 йилда халқаро мақомга эга бўлгандан сўнг гуллар байрамига турли давлатлардан меҳмонлар ва иштирокчилар кела бошлади. Бугунги кунда фестиваль Ўзбекистоннинг энг йирик ва машҳур халқаро маданий байрамларидан бирига айланган.
Йилдан йилга юксалиб бораётган Халқаро гуллар фестивали бу гал юбилей, 65-маротаба ташкил этилади. Ўтган йиллар давомида ушбу нуфузли тадбир нафақат мамлакатимизда, балки жаҳон миқёсида ҳам ўзига хос бренд даражасига кўтарилди.
Фестиваль бошланишини нафақат Ўзбекистон аҳолиси, балки қўшни давлатлар фуқаролари, хорижий эксперт ва мутахассислар ҳам катта қизиқиш билан кутмоқда. Айни пайтда ушбу йирик халқаро тадбирга қизғин тайёргарлик ишлари олиб борилмоқда.
Маълумотларга кўра, бу галги юбилей фестивалида 50 дан ортиқ мамлакатдан қарийб 1 миллион нафар хорижий сайёҳ ҳамда 7 миллиондан зиёд маҳаллий меҳмон иштирок этиши кутилмоқда. Қарийб 50 кун давом этадиган гуллар байрами доирасида 150 дан ортиқ маданий-маърифий ва кўнгилочар тадбирлар ташкил этилади.
Эътиборли жиҳати, бу йилги фестиваль Гиннеснинг рекордлар китоби (Guinness World Records)га киритилиши мумкин. Ҳозирда бир ой давомида энг кўп гул экиш орқали рекорд ўрнатиш жараёни амалга оширилмоқда. Ушбу жараёнларнинг шаффофлигини таъминлаш мақсадида ташкилотнинг Дубайдаги вакили Канзи Дефрави томонидан халқаро талаблар асосида кузатув ишлари олиб борилмоқда.
Халқаро гуллар фестивали 24 майдан 12 июлга қадар давом этади. Ушбу фестиваль нафақат гуллар кўргазмаси, балки маданий, спорт, илмий ва кўнгилочар тадбирларга бойлиги билан ажралиб туради. Жумладан, гала-концертлар, дрон-шоу, автопарад, очиқ осмон остида симфоник концерт, модалар ҳафталиги, кўргазмалар, шунингдек, туризм, инвестиция ва ишбилармонликка бағишланган халқаро форумлар ўтказилиши режалаштирилган.
Ҳозирда фестиваль муносабати билан шаҳар ва туманлар марказий кўчаларига қарийб 5 миллион туп мавсумий гул экилиб, ҳудудлар ранг-баранг гуллар билан безатилмоқда. Бу ишлар шаҳарга янада кўрк бағишлаб, фестиваль меҳмонларида унутилмас таассурот қолдириши кутилмоқда.
Фестиваль 24 май куни Наманган шаҳри марказидаги Бобур боғида тантанали очилиш маросими билан бошланади. Шу куни шаҳар кўчалари бўйлаб гуллар билан безатилган автомобиллар паради ўтказилади. Кечки пайт эса “Янги Ўзбекистон” боғи амфитеатрида ўзбек ва хорижий санъаткорлар иштирокида концерт дастури тақдим этилади.
Гуллар байрами давомида ҳар куни турли маданий дастурлар ташкил этилади. Хусусан, мусиқали драма театри спектакллари, болалар учун қўғирчоқ театри чиқишлари, ҳунармандчилик ярмаркалари ва маҳорат дарслари ўтказилади. Шунингдек, боғларда концерт ва кўнгилочар дастурлар мунтазам намойиш этиб борилади.
Май ойининг охири ва июнь ойи бошларида қатор йирик тадбирлар ўтказилиши режалаштирилган. Улар қаторида симфоник оркестр концерти, ретро қўшиқлар кечаси, “Fashion Days” намойишлари, лаванда фестивали ҳамда машҳур хонанда Юлдуз Усмонованинг концерти бор. 1 июнь куни эса замонавий дрон шоу томошабинларга унутилмас таассурот бағишлайди.
Спорт мухлислари учун ҳам қизиқарли мусобақалар ташкил этилади. Белбоғли кураш бўйича Ўзбекистон чемпионати, мотокросс мусобақалари, халқаро кураш турнири ва этноспорт ўйинлари шулар жумласидандир.
Фестиваль доирасида илмий ва амалий анжуманлар ҳам ўтказилади. Биохилма-хилликни сақлаш, сунъий интеллект истиқболлари, туризм ва иқтисодиётга бағишланган халқаро конференциялар ташкил этилади. Бу эса фестивалнинг нафақат маданий, балки илмий аҳамияти ҳам юқори эканини кўрсатади.
Бундан ташқари, палов фестивали, гастрономик байрамлар, ёшлар учун экологик акциялар ва турли танловлар ҳам ўрин олган. Болалар ва ёшлар учун махсус дастурлар, интеллектуал ўйинлар ҳамда концертлар ташкил этилади.
Фестиваль 12 июль куни “Янги Ўзбекистон” боғидаги тантанали тақдирлаш маросими билан якунланади.
Қисқача айтганда, Наманганда ўтказилаётган Халқаро гуллар фестивали – бу нафақат гўзал гуллар байрами, балки маданият, санъат, спорт ва илм-фан уйғунлашган йирик халқаро тадбирга айланиши кўзда тутилган. Фестивалдаги ҳар бир дастур ва томошалар юртимиз аҳли ва меҳмонларга ёрқин таассуротлар ва унутилмас лаҳзалар тақдим этади.
“Дунё” АА