O‘zbekiston va Chexiya o‘rtasidagi ko‘p qirrali hamkorlik o‘zaro manfaatli siyosiy muloqot va iqtisodiy kooperatsiya asosida izchil rivojlanmoqda

29 апрель куни Чехия Бош вазири Андрей Бабиш расмий ташриф билан Ўзбекистонга келди.
Халқаро муносабатларнинг замонавий трансформацияси ҳамда глобал таҳдид ва хатарлар кучайиб бораётган шароитда қитъанинг бир-биридан олис ҳудудларида жойлашган Ўзбекистон ва Чехия икки томонлама ҳамкорликни изчил ривожлантириб, унга янада тизимли ва кўп қиррали тус бермоқда. Сиёсий мулоқотни кенгайтириш, савдо-иқтисодий шерикликни мустаҳкамлаш ва гуманитар ҳамкорликни фаоллаштириш томонларнинг шерикликни чуқурлаштиришдан ўзаро манфаатдорликни акс эттиради.
Тошкент ва Прага ўртасидаги барқарор алоқаларнинг шаклланиши 1993 йил 1 январда дипломатик муносабатлар ўрнатилганидан буён тўпланган ўзаро ҳамкорлик тажрибасига таянади.
Икки давлат раҳбарлари ўртасидаги алоқалар икки томонлама ҳамкорликнинг муҳим элементи ҳисобланади. Хусусан, 2025 йил 23 сентябрь куни Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев БМТ Бош Ассамблеясининг 80-сессияси доирасида Чехия Президенти Петр Павел билан учрашув ўтказди. Бу турли соҳалардаги қўшма лойиҳаларга янги суръат бағишлаш имконини берди.
Ўзбекистон ва Чехия кўп томонлама платформаларда ҳамкорликни мувофиқлаштиришга алоҳида эътибор қаратмоқда. Икки мамлакат ташқи сиёсат идоралари ўртасидаги алоқалар халқаро тадбирлар доирасида мунтазам равишда амалга оширилмоқда. Хусусан, 2023 йилда Ўзбекистон ва Чехия ташқи ишлар вазирларининг Люксембургда бўлиб ўтган “Ўзбекистон – Европа Иттифоқи” ҳамкорлик кенгаши йиғилиши ҳамда Скопе шаҳрида бўлиб ўтган ЕХҲТ ТИВ кенгаши йиғилиши доирасида икки томонлама учрашувлари бўлиб ўтди.
2024 йил сентябрь ойида Нью-Йоркда БМТ Бош Ассамблеясининг 79-сессияси доирасида бўлиб ўтган учрашувда ҳам икки давлат ташқи ишлар вазирлари мулоқот қилган эди. Унда вазирлар ҳар томонлама ҳамкорликни янада кенгайтириш масалаларини муҳокама қилган.
2024 йил октябрь ойида Чехия ташқи ишлар вазири Ян Липавский расмий ташриф билан Тошкентда келиб, Ўзбекистон Бош вазири ўринбосари, ташқи ишлар вазири ва бошқа расмий шахслар билан учрашувлар ўтказган. Бу учрашувлар томонлар ўртасидаги сиёсий мулоқотнинг барқарор ривожланиб бораётганини англатади.
Экспертларнинг фикрича, Чехиянинг Тошкентдаги элчихонасига қўшимча равишда Ўзбекистоннинг Прагадаги элчихонасининг расмий очилиши тизимли мулоқотни янада мустаҳкамлаш ва барча йўналишларда ўзаро манфаатли ҳамкорликни кенгайтириш йўлидаги муҳим қадам бўлади.
Ўзбекистон–Чехия муносабатларини ривожлантиришда парламентлараро ва идоралараро ҳамкорлик муҳим ўрин тутади. Икки мамлакат қонун чиқарувчи органлари ўртасидаги алоқалар изчил ривожланиб, янада тизимли тус олмоқда. 2017 йил февраль ойида Чехия парламенти Депутатлар палатаси раиси Ян Гамачекнинг Ўзбекистонга ташрифи парламентлараро алоқалар ривожига қўшимча суръат бағишлади.
Кейинги йилларда ўзаро ташрифлар ва маслаҳатлашувлар шаклида ҳамкорлик давом эттирилди. 2025 йилда ҳамкорлик бўйича парламентлараро гуруҳларнинг ташкил этилиши ҳамкорликни ривожлантиришнинг сифат жиҳатидан янги босқичи бўлди.
Парламент билан бир қаторда иқтисодиёт, саноат, қишлоқ хўжалиги, соғлиқни сақлаш, таълим каби соҳаларни қамраб олган идоралараро ҳамкорлик фаол ривожланмоқда.
2025 йил 18 март куни Прагада бўлиб ўтган иқтисодий, саноат ва илмий-техникавий ҳамкорлик бўйича Ўзбекистон–Чехия ҳукуматлараро комиссиясининг ўнинчи йиғилиши бу борада муҳим роль ўйнамоқда.
Ўзбекистон ва Чехия ўртасидаги савдо-иқтисодий ҳамкорлик икки томонлама муносабатларнинг асосий йўналишларидан бири бўлиб, томонларнинг амалий ҳамкорликни кенгайтириш ва саноат кооперациясини чуқурлаштиришдан ўзаро манфаатдорлигини акс эттиради. Ўзаро савдо Ўзбекистон ва Европа Иттифоқи ўртасидаги битимларда кўзда тутилган энг кўп қулайлик яратиш тартиби доирасида амалга оширилмоқда.
Сўнгги йилларда ўзаро савдо динамикаси тўлқинсимон, аммо умуман олганда, ўсувчи характерга эга. 2021–2022 йиллардаги пасайишдан сўнг барқарор тикланиш кузатилмоқда. 2022 йилда ўзаро товар айирбошлаш ҳажми 184,8 миллион долларни ташкил этган бўлса, 2023 йилда 344,2 миллион долларга, 2024 йил якунига кўра, 434,7 миллион долларга етди.
Ўзбекистон экспортининг асосини хизматлар, саноат моллари, тайёр маҳсулотлар, озиқ-овқат моллари ва кимё маҳсулотлари ташкил этади. Ўз навбатида, Чехиядан импорт асосан машина ва транспорт ускуналари, кимё саноати маҳсулотлари ва саноат молларидан иборат.
Иқтисодий ҳамкорликнинг амалий ўлчови қўшма корхоналар фаолиятида ўз аксини топади. Сўнгги йилларда Ўзбекистонда Чехия капитали иштирокидаги компаниялар, жумладан, 100 фоиз хорижий иштирокдаги корхоналар сонининг барқарор ўсиш тенденцияси кузатилмоқда. Бу чехиялик инвесторларнинг Ўзбекистон бозорига қизиқиши ортиб бораётгани ва бизнес юритиш учун қулай шароит яратилганидан далолат беради.
Маданият соҳасидаги ҳамкорлик Чехия ижодий жамоаларининг Ўзбекистонда ўтказиладиган халқаро тадбирларда мунтазам иштирок этиши билан тавсифланади. Чехия мусиқа ансамбллари анъанавий тарзда Самарқандда ўтказиладиган “Шарқ тароналари” халқаро фестивалида иштирок этиб келмоқда. Тошкентда ЮНЕСКО кўмагида ташкил этилган халқаро жаз фестивалларида чех жаз гуруҳларининг чиқиши маданий мулоқотни ривожлантиришга салмоқли ҳисса қўшди.
Театр ва адабий ҳамкорлик алоҳида ўрин тутади. 2016 йилда Тошкентдаги “Илҳом” театрида Ярослав Гашекнинг “Жасур аскар Швейкнинг саргузаштлари” романи асосида саҳналаштирилган спектакль чех адабий меросининг Ўзбекистон маданий маконига интеграциялашувининг намунаси бўлди. 2022 йилда Тошкентда Чехиянинг мумтоз ва замонавий мусиқа ва шеърият кечаси ҳам бўлиб ўтди.
Таълим ва илм-фан соҳаси ўзаро ҳамкорликнинг энг жадал ривожланаётган йўналишларидан биридир. Икки мамлакатнинг етакчи университетлари ўртасида барқарор ҳамкорлик алоқалари ўрнатилган, қўшма таълим дастурлари ва тадқиқот лойиҳалари амалга оширилмоқда.
1997 йилдан буён Чехия ҳукумати ҳар йили Ўзбекистон фуқароларига олий ўқув юртларида ўқиш учун стипендиялар ажратмоқда. Шу билан бирга, академик мобилликнинг барқарор ижобий динамикаси кузатилмоқда. Агар 2020 йилда Чехияда 350 нафарга яқин ўзбекистонлик талаба таҳсил олган бўлса, 2025 йилга келиб бу кўрсаткич тахминан 650–700 нафарга етди. Таълимнинг асосий йўналишлари техник, иқтисодий, аграр ва АКТ мутахассисликлардир.
2023 йилда Ўзбекистоннинг турли шаҳарларида Чехиянинг етакчи университетлари иштирокида ўтказилган ихтисослаштирилган кўргазмалар, жумладан, “Study in English in the Czech Republic” туркум тадбирлари таълим имкониятларини тарғиб қилишнинг қўшимча воситаси бўлди.
Гуманитар алоқаларни ривожлантиришда 2011 йилда Прага шаҳрида ташкил этилган Чехия–Ўзбекистон дўстлик жамияти муҳим ўрин тутади. Ташкилот фаолияти икки мамлакат жамоатчилиги вакиллари ўртасида ўзаро қизиқишни мустаҳкамлаш, алоқаларни кенгайтиришга хизмат қиладиган илмий, маданий ва маърифий тадбирларни ўтказишга қаратилган.
Ўзбекистон–Чехия муносабатларининг бугунги ҳолати сиёсий мулоқот ва парламентлараро ҳамкорликдан тортиб, савдо-иқтисодий ва маданий-гуманитар ҳамкорликкача бўлган барча муҳим йўналишларда изчил ривожланмоқда.
Замонавий халқаро кун тартиби шароитида Тошкент ва Прага прагматизм, ўзаро ҳурмат ва бир-бирининг манфаатларини ҳисобга олишга асосланган ўзаро манфаатли шерикликни чуқурлаштиришга интилишини намойиш этмоқда. Ўзбекистон–Чехия алоқаларини янада мустаҳкамлаш нафақат икки томонлама муносабатларни ривожлантиришга, балки Ўзбекистоннинг Европа йўналиши билан ўзаро ҳамкорлигини кенгайтиришга ҳам хизмат қилади.
Шу маънода, Чехия Бош вазири Андрей Бабишнинг Ўзбекистонга бўлажак ташрифи амалий ҳамкорликни янада кенгайтиришда муҳим босқич сифатида баҳоланмоқда. Унинг якунлари бўйича, энг аввало, саноат, энергетика, қишлоқ хўжалиги ва транспорт-логистика соҳаларида қўшма лойиҳаларни амалга оширишга қўшимча суръат бағишлаши кутилмоқда.
“Дунё” АА