Беларусдаги ватандошларимиз ўзлари муносиб деб топган номзодга овоз бермоқда

МИНСК, 24 октябрь. /«Дунё» АА/. Мамлакатимизнинг Минск шаҳридаги элчихонаси ҳузурида тузилган 8-сайлов участкаси Ўзбекистон Президенти сайловини ўтказиш учун бугун Минск вақти билан соат 8:00 дан ўз ишини бошлади, деб хабар беради “Дунё” АА мухбири.
Ушбу муҳим сиёсий тадбирда Беларусда доимий ва вақтинча яшайдиган барча ватандошларимизга конституциявий ҳуқуқидан фойдаланиши учун қулай шароитлар яратилди.
Сайлов жараёни Ўзбекистон давлат мадҳияси садолари остида очилди. Тадбирда элчихона маслаҳатчиси Раҳматилла Назаров бошчилигидаги сайлов комиссияси аъзолари, МДҲ Ижроя қўмитасидан халқаро кузатувчи сифатида О.Кремская, шунингдек ўзбекистонлик талабалар ва Беларусда фаолият олиб бораётган юртдошларимиз иштирок этди.
Ватандошларимиз Ўзбекистон Президенти сайловида қатнашаётган бешта сиёсий партиядан илгари сурилган номзодларнинг дастурлари, миллий қонунчиликдаги ўзгаришлар билан танишиб, ўзлари муносиб деб топган номзодга овоз бермоқда.
Сайлов тадбири COVID-19 пандемияси муносабати билан ушбу мамлакатда жорий этилган тартиб-қоидаларга тўлиқ риоя қилинган ҳолда бўлиб ўтмоқда.
Барча ўзбекистонлик фуқароларнинг келажагини белгилаб берувчи мазкур сиёсий тадбир кўтаринки кайфиятда ва ўзгача шукуҳ билан давом этмоқда.