Бугун Минск шаҳрида Мустақил Давлатлар Ҳамдўстлиги Ташқи ишлар вазирлари кенгашининг навбатдаги йиғилиши бўлиб ўтди. Тадбирда Ўзбекистон, Арманистон, Беларус, Озарбайжон, Қирғизистон, Қозоғистон, Россия, Тожикистон ва Туркманистон ТИВ делегациялари иштирок этди.
Вазирлар халқаро ва минтақавий кун тартибининг долзарб масалалари ҳамда МДҲ доирасидаги ҳамкорлик юзасидан фикр алмашдилар. Шунингдек, сиёсат, таълим, спорт, кадрлар салоҳиятини ошириш ва бошқа соҳалардаги алоқаларни мустаҳкамлашга қаратилган қатор ҳужжатлар имзоланди.
Ташқи сиёсат идоралари раҳбарлари томонидан бир овоздан Озарбайжоннинг Ганжа ва Қозоғистоннинг Олмаота шаҳарларини мос равишда 2025 ва 2026 йиллар учун МДҲнинг спорт пойтахтлари деб эълон қилиш тўғрисида қарор қабул қилинди.