Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Мамлакатимизда ўзбек тилини янада ривожлантириш ва тил сиёсатини такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармони ижроси доирасида “Юртдошлар” (http://yurtdoshlar.uz/) сайти ишга туширилди.
Мазкур лойиҳа Ўзбекистон ташқи ишлар вазирлиги, Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Ўзбек тилини ривожлантириш жамғармаси, бошқа мутасадди идора ва ташкилотлар билан ҳамкорликда амалга оширилди.
Сайтнинг асосий мақсади – хорижда истиқомат қилаётган ватандошларнинг маданий ва тил ўзлигини, уларнинг миллий анъана ва қадриятлар билан узвийлигини сақлаб қолиш.
Сайт қуйидаги рукнлардан иборат:
- “Ўзбекистон” (мамлакат ҳақида муҳим маълумотлар)
- “Ўзбек тили” (ўзбек тили ўрганувчилар учун дастурлар, дарсликлар)
- “Мен ўзбекман” (хорижда муваффақиятга эришган машҳур ватандошлар тўғрисида маълумотлар),
- “Ўзбек медиа” (миллий кино, мультфильм, аудио маҳсулотлар)
- “Интерактив хизматлар” ҳамда “Янгиликлар”.
Янги сайт жорий йилнинг июнь ойидан тест режимида ишлай бошлади.